Термизда Сурхондарё вилояти сайлов комиссиясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.
Комиссия аъзолари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этган йиғилишда Сурхондарё вилояти ҳудудий сайлов комиссиясининг 2025 йилга мўлжалланган иш режаси ижроси, Марказий сайлов комиссияси ишчи гуруҳининг шу йил 8-10 сентябрь кунлари Сурхондарё вилояти ҳудудий, туман ва шаҳар сайлов комиссиялари фаолиятини ўрганиш якунлари ва вилоятда бўшаб қолган айрим депутатлик ўринларига 13 апрель ҳамда 19 октябрь кунлари ўтказилган маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайлови тўғрисидаги масалалар кўриб чиқилиб, атрофлича муҳокама этилди.
Қайд этилдики, вилоят ҳудудий сайлов комиссияси йилнинг ўтган даврида бешта мажлис ўтказиб, бўшаб қолган ўринларга депутатлик сайловини ташкил этиш юзасидан еттита қарор қабул қилди.
Ҳудудий сайлов комиссиясининг жорий йилга мўлжалланган иш режаси 3 та бўлим ва 18 банддан иборат этиб тасдиқланган. Шунга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайлови натижалари таҳлил қилиниб, соҳага оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни янада такомиллаштириш чораларини кўриш бўйича Марказий сайлов комиссиясига тегишли таклифлар киритилди. Тасдиқланган график асосида 2025 йил сентябрь ойида туман, шаҳар сайлов комиссиялари иш фаолияти ўрганилиб, йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш ва келгусида такрорламаслик учун амалий ёрдам кўрсатилди.
Сайлов комиссиялари фаолиятига рақамли технологияларни кенг жорий этиш, “Е-сайлов” ахборот тизимини модернизация қилиш ва тизимни такомиллаштириш юзасидан ҳам Марказий сайлов комиссиясига таклифлар киритилди.
Маҳаллий Кенгашлар депутатларининг сифат таркибини, шу жумладан, бўшаб қолган ўринлар мавжудлигининг мониторинги олиб борилмоқда. Жумладан, 2025 йил 13 апрель куни Қизириқ, Денов, Шўрчи туманларида, 19 октябрда Музробод тумани ва Термиз шаҳрида бўшаб қолган ўринлар учун депутатлар сайлови ўтказилди. Маҳаллий Кенгашларининг бўшаб қолган депутатлик ўринларига сайлов жараёнида туман, шаҳар, участка сайлов комиссияси аъзоларининг сайлов қонунчилигига ва амалиёти бўйича малакаларини оширишга бағишланган ўқув-амалий семинарлар ташкил этилди.
– Иш режа асосида шу йил сентябрь ойида туман ва шаҳар ҳокимликлари томонидан сайлов жиҳозларининг сақланиши ва ҳисоби юритилишининг ҳолатини ҳам ўргандик, – дейди вилоят ҳудудий сайлов комиссияси раиси Зебунисо Алимардонова. – Мониторинг чоғида мавжуд сайлов жиҳозлари ҳокимликларнинг “УзАСБО” ҳисобот тизимига киритилди. Туман шаҳар ҳокимларининг тегишли фармойиши билан сайлов жиҳозларини сақлаш ва ҳисобини юритиш бўйича масъул ходим бириктирилди. Йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш ва келгусида такрорламаслик учун амалий ёрдам кўрсатилди. Шу йилнинг 8-10 сентябрь кунлари Марказий сайлов комиссияси ишчи гуруҳи вилоят, туман ва шаҳар сайлов комиссиялари фаолиятини ҳам ўрганди. Ишчи гуруҳ аниқлаган камчиликлар мутасаддилар иштирокида муҳокама қилиниб, уларни зудлик билан бартараф этиш чоралари белгиланди.
Йиғилишда кўрилган барча масалалар юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири