Сурхондарёда участка сайлов комиссиялари таркиби тасдиқланди

17.09.2024

962

msk_yangiliklari_in

Сурхондарё вилояти ҳудудий сайлов комиссиясининг навбатдаги мажлисида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайлови бўйича участка сайлов комиссиялари таркибини тасдиқлаш тўғрисидаги масала кўриб чиқилди.

 

Комиссия раиси З.Алимардонова бошқарган йиғилишда вилоят ҳудуди бўйича ташкил этилган 865 та сайлов участкаси учун участка сайлов комиссияларининг 9 минг 451 аъзодан иборат таркиби тасдиқланди.

 

 

 

Номзодлар халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашларининг мажлисларида муҳокама қилиниб, “E-сайлов” тизими орқали ҳудудий сайлов комиссиясига тасдиқлаш учун тавсия этилган.

 

Участка сайлов комиссиялари аъзоларининг 47 фоизи хотин-қизлардир. 84 фоизи олдинги сайловларда ҳам иштирок этиб, сайлов қонунчилигидан етарли тушунча тўплаган тажрибали аъзолар бўлса, 16 фоизи сайлов комиссиялари фаолиятида илк марта қатнашмоқда.

 

 

Комиссия аъзолари таркибида халқ таълими соҳаси ходимлари 53 фоизни ташкил этмоқда. 47 фоизи бошқа давлат идоралари, нодавлат ташкилотлар ва ўзини ўзи бошқариш органлари вакилларидан иборат. Аъзоларнинг 8 минг 539 нафарини ўзбеклар ташкил этмоқда. Шунингдек, рус, тожик ва бошқа миллат вакиллари ҳам бор.

 

Маълумот учун, бу йилги муҳим сиёсий кампанияда вилоятдаги сайлов участкаларидан 1 миллион 669 мингдан ортиқ сайловчи овоз бериши кутилмоқда.

 

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур