Комиссия аъзолари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этган йиғилишда Сурхондарё вилояти ҳудудий сайлов комиссиясининг 2026 йилга мўлжалланган иш режасининг биринчи ярим йилликдаги ижроси ва Сурхондарё вилоятида айрим бўшаб қолган ўринларга 2026 йил 7 июнь куни ўтказилган маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайлови тўғрисидаги масалалар кўриб чиқилиб, атрофлича муҳокама этилди.

Қайд этилдики, вилоят ҳудудий сайлов комиссиясининг жорий йилга мўлжалланган иш режасига мувофиқ маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайлови натижалари таҳлил қилиниб, соҳага оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни янада такомиллаштириш чораларини кўриш бўйича Марказий сайлов комиссиясига тегишли таклифлар киритилди. Тасдиқланган график асосида 2026 йилнинг биринчи ярим йиллигида туман, шаҳар сайлов комиссиялари иш фаолияти ўрганилиб, йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш ва келгусида такрорламаслик учун амалий ёрдам кўрсатилди.
Сайлов комиссиялари фаолиятига рақамли технологияларни кенг жорий этиш, “E-saylov” ахборот тизимини модернизация қилиш ва тизимни такомиллаштириш юзасидан ҳам Марказий сайлов комиссиясига таклифлар киритилди.
Маҳаллий Кенгашлар депутатларининг сифат таркибини, шу жумладан, бўшаб қолган ўринлар мавжудлигининг мониторинги олиб борилмоқда. Жумладан, 2026 йил 7 июнь куни Термиз, Жарқўрғон ва Қумқўрғон туманларида бўшаб қолган ўринлар учун депутатлар сайлови ўтказилди. Маҳаллий Кенгашларининг бўшаб қолган депутатлик ўринларига сайлов жараёнида туман, участка сайлов комиссияси аъзоларининг сайлов қонунчилигига ва амалиёти бўйича малакаларини оширишга бағишланган ўқув-амалий семинарлар ташкил этилди.
– иш режа асосида шу йил февраль-апрель ойларида туман ва шаҳар ҳокимликлари томонидан сайлов жиҳозларининг сақланиши ва ҳисоби юритилишининг ҳолатини ҳам ўргандик, – дейди вилоят ҳудудий сайлов комиссияси раиси Зебунисо Алимардонова.
– мониторинг чоғида мавжуд сайлов жиҳозлари ҳокимликларнинг “UzASBO” ҳисобот тизимига киритилиши кўздан кечирилди. Йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш ва келгусида такрорламаслик учун амалий ёрдам кўрсатилди.

Йиғилишда кўрилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.