Бугун Сурхондарё вилояти ҳудудий сайлов комиссиясининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда вилоят ҳудудий сайлов комиссиясининг Матбуот маркази фаолиятини ташкил этиш ҳамда сиёсий партияларнинг ваколатли вакилини рўйхатга олишга доир масалалар кўриб чиқилди.
Мажлисда 4 нафар малакали мутахассисдан иборат Матбуот маркази таркиби тасдиқланди. Матбуот марказига сайлов жараёнини оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиш, сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ брифинглар, матбуот анжуманларини тайёрлаш ва ўтказиш, журналистларга ва жамоатчиликка сайловга оид масалалар бўйича тезкор ахборот бериб бориш ва маълумотларни етказиш ишларини ташкил этиш вазифалари юклатилди.
Мажлисда сиёсий партиялардан илк бор “E-saylov” ахборот тизими орқали тавсия этилган ваколатли вакилларга тегишли ҳужжатлар кўриб чиқилиб, ваколатли вакилларни рўйхатга олиш ҳамда уларга белгиланган шаклдаги мандатни бериш ҳақида қарор қабул қилинди.
Эслатиб ўтамиз, сиёсий партияларнинг ваколатли вакиллари сайлов комиссиясининг мажлисларида, ҳужжатларни топширишда, имзо варақалари тўғри тўлдирилганлигини текширишда, сайлов участкасида овозларни санаб чиқишда иштирок этади.