Бугун Сурхондарё вилояти ҳудудий сайлов комиссиясининг навбатдаги мажлиси ўтказилди. Комиссия раиси З.Алимардонова бошқариб борган мажлисда дастлаб Халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашлари томонидан шакллантирилиб, вилоят ҳудудий сайлов комиссиясига тақдим этилган туман ва шаҳар сайлов комиссиялари аъзолигига номзодлар кўриб чиқилиб, уларни тасдиқлаш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Туман, шаҳар сайлов комиссиялари таркибига комиссия раиси, раис ўринбосари, котиби ва комиссиянинг саккиз – ўн саккиз нафар бошқа аъзоларидан иборат жами 257 нафар шахс киритилган бўлиб, уларнинг 105 нафари, яъни 40,9 фоизи хотин-қизлардан иборат. Аъзоларнинг 188 нафари илгари ҳам сайлов комиссиялари таркибида ишлаган, бу борада тажрибага эга.
Олий маълумотлилар – 218 нафар, ўрта-махсус маълумотлилар – 39 нафар. Мутахассислиги бўйича 79 нафари педагог, 55 нафари иқтисодчи, 25 нафари ҳуқуқшунос, 15 нафари тиббиёт ходими, яна 15 нафари муҳандис, 10 нафари журналист ва 58 нафари бошқа соҳа вакиллари.
Комиссия аъзоларининг 28 нафарини 21-30 ёшлилар, 105 нафарини 31-40 ёшлилар, 81 нафарини 41-50 ёшлилар, 33 нафарини 51-60 ёшлилар, 10 нафарини 60 ёшдан катталар ташкил этади.
Туман, шаҳар сайлов комиссиялари таркиби, манзили ва телефон рақамлари расмий веб-сайт ва маҳаллий матбуот нашрларида эълон қилинади.
Мажлисда Халқ депутатлари Сурхондарё вилояти Кенгашига сайлов ўтказувчи сайлов округларини тузиш тўғрисидаги масала ҳам кўриб чиқилди. Комиссия аъзолари вилоят ҳокимлигининг тақдимномасига биноан аҳоли, сайловчилар сони, ҳудуд ва бошқа маҳаллий шароитлардан келиб чиққан ҳолда Халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги депутатлик ўринларига тенг миқдорда чегараланган 50 та сайлов округини тузиш ҳақида қарор қабул қилди.
Ҳар бир сайлов округидан битта депутат сайланади. Сайлов округларининг рўйхатлари уларнинг чегаралари, сайловчилар сони ва округ сайлов комиссияларининг жойлашган ери кўрсатилган мазкур қарор расмий веб-сайт ва маҳаллий матбуотда эълон қилинади.