Муддатидан олдин овоз бериш: барчага тенг ҳуқуқ ва имконият яратилган

22.10.2024

138

msk_yangiliklari_in

Сурхондарё вилоятида 27 октябрь куни ўтказиладиган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайловига муддатидан олдин овоз бериш Сайлов кодекси ва умумеътироф этилган халқаро тамойиллар асосида ўтказилмоқда.  

 

Вилоятда жорий йилги сайловни юқори савияда ташкил этиш ва ўтказиш учун пухта ҳозирлик кўрилди. Бунинг учун вилоят ҳудудий ва туман, шаҳар сайлов комиссиялари, сайлов округлари ҳамда сайлов участкаларида тегишли чора-тадбирлар амалга оширилди.  

 

– Сайловчиларнинг ўз хоҳиш-иродасини эркин ифода этишида сайлов участкалари муҳим аҳамият касб этади, – дейди Сурхондарё вилоят ҳудудий сайлов комиссияси раиси Зебунисо Алимардонова. – Чунки, овоз бериш сиёсий кампаниянинг сайлов участкасидаги асосий жараёни ҳисобланади. Бу жараённи миллий қонунчилигимиз асосида ташкил этиш учун 865 та сайлов участкаси тузилиб, комиссиялар фаолияти Сайлов кодексида белгиланган мезонларга мувофиқ амалга оширилди. Ўқув машғулотларида участка сайлов комиссиялари аъзоларининг билим ва кўникмалари оширилаётганида муддатидан олдин овоз бериш тартиб-таомиллари ҳам чуқур тушунтирилди. Барча сайлов участкасида овоз берувчилар учун қулай шароитлар яратилди.  

 

           

 

Вилоят ҳудудий сайлов комиссиясидан олинган маълумотларга кўра, участкалар номзодларга оид маълумотлар, Марказий сайлов комиссияси тасдиқлаган намунадаги овоз бериш бюллетени ва уни тўлдириш тартиби билан таъминланган. Сайловлар санасига бағишланган плакатлар, сайлов участкасининг харитаси, участка комиссияси аъзоларининг таркиби, иш режаси, навбатчилик жадвали, фуқаролар мурожаати учун Марказий сайлов комиссиясининг ишонч телефони, электрон манзили, округ комиссияси, суд ва прокуратура органларининг телефон рақамлари илинган.  

 

Барча сайлов участкаларига Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайловида иштирок этаётган сиёсий партияларнинг сайловолди дастурлари, депутатликка номзодларнинг таржимаи ҳоли ва сайловолди дастурлари етказилган. Танишиб чиқиш учун сайловчилар рўйхатлари сайлов участкаларидаги стендларга илиб қўйилган.  

 

Сайлов кодексида сайлов куни ўз яшаш жойида бўлиш имкониятига эга бўлмаган сайловчи муддатидан олдин овоз бериш ҳуқуқига эгалиги алоҳида белгиланган. Шунга мувофиқ бу йил мамлакатимизда муддатидан олдин овоз бериш 16 октябрдан бошланди. Вилоятда муддатидан олдин овоз бериш учун сайлов участкаларига сайловчилар умумий сонининг 10 фоизи миқдорида сайлов бюллетенлари етказиб берилди.  

 

Айни пайтда сайлов куни доимий яшаш манзилида бўлмайдиган сайловчилар ўз ҳуқуқларидан фойдаланиб, муддатидан олдин овоз бермоқда.  

 

               

 

Ангор туманидаги 142-сайлов участкаси Маданият маҳалласидаги “Ишга марҳамат” мономарказида ташкил этилган. Барча замонавий қулайликларга эга бинода сайловчиларнинг муддатидан олдин ўз хоҳиш-иродасини эмин-эркин билдириши учун зарур шароит яратилган. Сайлов куни бу ерда 1 минг 440 нафар сайловчи овоз бериши кутилмоқда. Бу йил 25 ёшни қаршилаган Худойберди Абдулов ҳам сайлов участкасига келиб, муддатидан олдин овоз берди.

 

– Қўшни вилоятга даволанишга боришимга тўғри келиб қолди, – дейди Худойберди Абдулов. – Сайлов куни уйда бўлмас эканман. Шу боис ўзим танлаган номзодларга муддатидан олдин овоз беришга аҳд қилдим. Сафар олдидан сайлов участкасига келиб, муддатидан илгари овоз бериш ҳуқуқимдан фойдаландим.  

 

           

 

Денов туманидаги 638-сайлов участкаси 101-мактабда жойлашган. Нуристон маҳалласида яшайдиган Сайидали Хўжамуродов ва Наргиза Ғаффорова сайлов куни вилоятлардан бирида бўлиб ўтадиган тўйда қатнашиши сабабли сайлов комиссиясига мурожаат этиб, муддатидан олдин ўз хоҳиш-иродасини ифода этди. Мазкур участка сайлов комиссиясига ариза билан мурожаат этган Баҳром Каримов сайлов куни оилавий муаммосини ечишга тўғри келаётгани сабабли муддатидан олдин ўзи танлаган партия ва номзодларни ёқлаб овоз берди.  

 

Вилоятда 27 октябрь куни бўлиб ўтадиган сайловларда 1 миллион 431 минг 860 дан ортиқ фуқаро иштирок этиши кутилмоқда. Шу пайтгача сайлов куни бошқа ҳудудларда дам олиш ёки даволанишда бўладиган, қавму қариндошлари ёки яқинларининг тўй ва бошқа тадбирларида қатнашишни, хизмат сафарида бўлишни режалаштирган 25 минг 200 дан зиёд сайловчи миллий қонунчилигимизда белгилаб қўйилган ҳуқуқидан фойдаланиб, муддатидан илгари овоз берди.  

 

Вилоятда муддатидан олдин овоз бериш жараёнлари 23 октябрь соат 18:00 гача давом этади.   

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур